Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
18:1. Ўз Қулига Китобни нозил қилган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин!
18:2. Токи Аллоҳдан келажак шиддатли азобдан огоҳлантирсин, ҳамда солиҳ амал қилувчи муминларга гўзал ажр-мукофот хушхабарини берсинки,
18:3. Улар унда абадий қоладилар.
18:4. Ҳамда “Аллоҳ фарзанд тутди”, деганларни огоҳлантирсин.
18:5. Бу ҳақда на уларнинг ўзида, на ота-боболарида маълумот йўқ. Оғизларидан чиққан сўз қанчалар улкан бўҳтон! Ёлғондан бошқа нарса айтаётганлари йўқ.
18:6. Эҳтимол уларнинг бу Ҳадисга/Сўзга ишонмаётгани боис, ортларидан афсус-ла боқиб, салкам ҳалок қиласан ўзингни.
18:7. Биз Ер юзидагиларни зийнатли-жозибали қилдик, қай бирлари амал қилишда яхшироқ эканини имтиҳон қилиш учун.
18:8. Ер юзидагиларни Биз ҳали қуп-қуруқ чанг-тўзон қиламиз.
18:9. Ёки сен Ғор ва Рақим эгаларини Бизнинг ажиб оят-далилларимиздан деб ўйладингми?
18:10. Ўша ёшлар ғорда паноҳ топиб дедилар: “Эй Раббимиз, бизга Ўз даргоҳингдан раҳмат насиб айлагин; ва бизга шу ишимиздан тўғри чиқиш йўли насиб этгин”.
18:11. Биз уларни йиллар бўйи ғорда дунёдан ғафлатда қолдирдик,
18:12. Кейин уларни чиқардик, токи қанча муддат қолганини икки ҳизбдан қай бири яхшироқ ҳисоб этиши маълум бўлсин.
18:13. Биз сенга уларнинг хабарини ҳақ ила қисса қилмоқдамиз: Улар, ҳақиқатан, Раббига ишонган ёшлар эди, Биз уларнинг Тўғри Йўлга эргашувини зиёда қилдик.
18:14. Биз уларнинг қалбларига матонат бердик. Мана, улар қиём этди: “Бизнинг Раббимиз Осмонлару-Ерни яратган Раббидир. Ундан ўзгага дуо қилмаймиз. Акс ҳолда ноҳақ сўз айтган бўламиз.
18:15. Анави қавмимиз Ундан ўзгаларни илоҳлар қилиб олди. Улар ўз илоҳлари ҳақида аниқ далил келтириши керак эмасмиди!.. Аллоҳга қарши ёлғон уйдирган кимсадан-да золимроғи борми?
18:16. Мана, улардан ҳам четландингиз, Аллоҳдан ўзга қуллик қилаётганларидан ҳам. Ғорда бошпана тутинг, токи Раббингиз сизга ўз раҳматини ёйсин, ва ишингизда бирор қулайлик насиб этсин”.
18:17. Қуёшни кўрасан: қачонки кўтарилганида, ғорнинг ўнг томонига эгилади, ботганида эса, уларнинг чап тарафини қирқиб ўтади, улар эса ғорнинг кенг соҳасида. Ана шулар – Аллоҳнинг оятларидан. Кимга Аллоҳ йўл кўрсатса, ўша Тўғри Йўлни топибди, кимни адаштирса, унга на валий/йўл кўрсатувчи топа оласан, на етукликка бошловчи муршид.
18:18. Сен уларни уйғоқ санардинг, ҳолбуки улар уйқуда ҳолида ҳам ташланишга шай. Биз уларни ўнгга-чапга ўгириб турибмиз/улар навбат тутиб соқчилик қилиб турардилар. Итлари эса кираверишда икки қўлини чўзиб ётибди. Мабодо уларни кўрсанг, юз ўгириб қочардинг, улардан қалбингда қўрқув тўларди.
18:19. Ана шундай, Биз уларни чиқардик, улар ўз ораларида сўрадилар. Улардан бирлари деди: “Қанча қолдингиз?” Дедилар: “Бир кун ёки куннинг бир қисми қолдик”. Дедилар: “Раббингиз қанча қолганингизни яхшироқ билади”*. Бирортангизни мана шу кумуш ақча билан шаҳарга юборинг, қайси егулик тозароқ, қарасин – келтирсин, лекин жуда эҳтиёт бўлсин, ҳеч ким сезиб қолмасин”. (Улар ғорда кеча-кундуз алмашинувини сезмадилар)
18:20. Агар сизларга устун келсалар, ражм/бадарға қилишади ёки ўз динларига қайтаришади, у ҳолда асло нажот топмассиз.
18:21. Ана шундай, Биз уларнинг танилиб, одамларга маълум бўлишиирода қилдик, токи Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ҳамда Қиёмат Соати ҳақида ҳеч шубҳа йўқ эканини билсинлар. Мана улар ўзаро ишлари ҳақида тортишмоқда: “Устларига бинолар қуринг” дедилар. Уларни Робби яхшироқ билади. Ишига ғолиб бўлганлар деди: “Уларнинг устига масжид қурамиз”.
18:22. Кейин дейдиларки: “Улар учта, тўртинчиси итлари”, ва яна дейдиларки: “Улар бешта, олтинчиси итлари”, ўзлари билмаган нарсаларни иддаони қилишади. Дейдиларки: “Улар еттита, саккизинчиси итлари”*. Сен айт: “Раббим уларнинг ададини яхшироқ билади, уларни ўта озчилик билади. Улар ҳақида очиқ-ойдин далиллардан бошқа баҳсга кирма, ва уларнинг бирортасидан савол сўрама.
18:23. Ҳеч бир ишга “Эртага қиламан” дема.
18:24. “Агар Аллоҳ хоҳласа” дегин. Унутганингда Раббингни эслагин, ва айтгин: “Зора Раббим мени бундан-да яқинроқ Тўғриликка йўлласа”.
18:25. “Улар ўз ғорида уч юз йил қолдилар, ва яна тўққизни зиёда этдилар”*. (*Бу ҳам уларнинг иддаоларидан бир иқтибос)
18:26. Сен айт: “Уларнинг қанча муддат қолганини Аллоҳ Ўзи яхшироқ билади. Осмонлару-Ернинг ғайби Унинг. У қанчалар ҳам яхши Кўргувчи, Эшитувчи! Улар учун Ундан ўзга валий/йўл кўрсатувчи йўқ. У ўз ҳукмига ҳеч кимни шерик қилмайди.
18:27. Раббингнинг Китобидан сенга нозил қилинганига эргаш/тиловат қил; Унинг сўзларини ўзгартира олгувчи йўқ. Ундан ўзга бошпана асло тополмассан.
18:28. Эртаю-кеч Раббига илтижо қилиб, унинг Юзини истаганлар билан бирга бўлишга ғайрат қилгин. Дунё ҳаётининг жозибасини истаб, уларни кўздан четда қолдирма. Бизнинг Зикримиздан қалби ғофил қилинган, ўз ҳавосига/истакларига эргашган, иши фақат ҳаддан ошиш бўлганларга бўйсунма.
18:29. Сен айт: “Ҳаққ Раббингиздан. (10:32) Ким истаса ишонсин, ким истаса рад этсин. Золимлар учун чодири уларни ўраб оладиган олов тайёрлаб қўйганмиз. Мабодо ёрдам сўрар бўлсалар, фақат эриган маъдан каби юзларини қовурадиган сув билан ёрдам берилади. Қанчалар ёмон ичимлик ва қанчалар ёмон маскан!
18:30. Имон келтирган ва солиҳ амал қилганлар эса, Биз амал қилишда яхшироқ бўлганларнинг эвазини зое қилмаймиз.
18:31. Улар учун остларидан анҳорлар оққан Адн боғлари бор. Унда улар олтин билакузуклар билан безанади, ва яшил ипак либослар кийиб сўриларда ёнбошлайди. Қанчалар аъло мукофот ва яхши маскан!
18:32. Уларга шу икки киши мисолини келтир: Улардан бирига Биз икки узумзор бериб, хурмо билан ўраб қўйгандик ва орасида экин ўстиргандик.
18:33. Иккала узумзор ҳам ўз мевасини берди ва ундан ҳеч нарса ноқис бўлмади. Биз улар орасидан анҳор ҳам оқитиб қўйгандик.
18:34. Хосил олганида эса, шеригига деди: “Мен сендан бойман, одамларим ҳам кучлироқ”.
18:35. Боғига кириб деди ва бу билан ўзига жабр қилди: “Мен буни ҳалок бўлади, деб ўйламайман.
18:36. Қиёмат Соати келади деб ҳам ўйламайман. Мабодо Раббимга қайтарилсам, бундан-да яхшироқ оқибат топаман”.
18:37. Ҳамроҳи у билан гаплашаётиб деди: “Наҳотки сени тупроқдан, кейин бир томчи нутфадан яратган, кейин одам қилган Раббингга кофир бўлсанг?”
18:38. Лекин менинг Роббим Аллоҳдир, ва мен Раббимга ҳеч кимни шерик қўшмайман.
18:39. Боғингга кирганингда: “Аллоҳнинг иродаси шундай! Куч-қувват фақат Аллоҳнинг!” десанг эди! Агар бойлик ва ўғилларда мени паст кўраётган бўлсанг,
18:40. Роббим менга сенинг боғингдан яхшироғини беришга, Сенинг боғингга эса кўкдан бало юбориб, қуп-қуруқ ер қилиб қўйишга қодир.
18:41. Ёки суви сингиб кетади-да, қайтиб сув топа олмассан”.
18:42. Унинг хосили йўқ қилинди, ишкомлари қулаган боғининг қаршисида ва сарфлаганига ачиниб, пушаймон қила бошлади: “Эх, қанийди Раббимга ҳеч кимни шерик қўшмасайдим!”
18:43. Аллоҳдан ўзга унга ёрдам берадиган лашкар ҳам бўлмади, ўз ўзини ҳам қутқара олмади.
18:44. Мана шу ҳолатда ҳимоя қилишга фақат ҳақиқий Валий – Аллоҳ қодир. Унинг берган эвази ҳам яхшироқ, берган оқибати ҳам.
18:45. Уларга ҳаёти-дунё мисолини келтир, у бамисоли осмондан туширганимиз сув каби. У ердаги ўсимликка қоришади ва шамоллар совурган ҳазон ҳолига келади. Аллоҳ – барча нарса устида куч-қудрати етарли.
18:46. Бойлик ва фарзандлар – ҳаёти-дунё зийнатлари. Давомли қолувчи ислоҳот ишлари эса, Раббинг наздида эваз умид қилишга кўпроқ арзийди.
18:47. У Кунда Тоғларни юритамиз, Ерни эса очиқ-яланғоч кўрасан/барча ўликларни чиқарган бўлади. Биз уларни жамлаймиз, бирортасини ҳам қолдирмаймиз.
18:48. Раббингга саф-саф тақдим этиладилар: “Сизлар илк яратганимиздек ҳузуримизга келдингизлар. Аммо сизлар ҳеч қандай вақт/жой белгилаган эмасмиз, деб гумон қилардингиз”.
18:49. Китоб ўртага қўйилди. Мана кўрасан, Жиноятчилар ундаги қайдлардан даҳшатга тушиб дейдилар: “Вой ҳолимизга! Бу қандай Китобки, ҳеч бир катта ё кичик нарсани қолдирмасдан, ҳаммасини ҳисоблабди!” Раббинг ҳеч кимга зулм/ноҳақлик қилмайди.
18:50. Мана, Биз Малакларга дедик: “Одамга сажда қилинглар!” Улар сажда қилдилар, фақат Иблис сажда қилмади, бу қилмиши жуда ғаройиб/жинн бўлди, Раббининг амридан бўйин товлади. Наҳотки, уни ва унинг издошларини/зурриётини Мендан ўзга валийлар қилиб олсангиз? Ҳолбуки, улар сизга душман. Золимлар учун қанчалар ёмон алишиш бу.
18:51. Мен уларни Осмонлару-Ернинг яратилишида ҳам, ўзларининг яратилишида ҳам иштирокчи қилган эмасман; ва адаштирувчиларни ҳам ёрдамчи қилмаганман.
18:52. У Кунда дейди: “Менинг шерикларим деб гумон қилганларингизни чақиринг”. Чақиришди, лекин жавоб беришмади. Биз уларнинг орасида жарлик қилиб қўйдик.
18:53. Жиноятчилар Оловни кўриб, унга тушишга аниқ кўзлари етди, аммо ундан айрилишга/қочишга жой тополмадилар.
18:54. Биз ушбу Қуръонда одамларга турли мисоллар орқали англатдик. Лекин инсон кўп нарсада тортишқоқ бўлди.
18:55. Бу одамларга Тўғри Йўл келганида, иймон келтириб, Раббидан кечирим исташидан тўсган ягона сабаб – ўтганларнинг суннати/одати бошларига келиши ёки улар ўз қаршисида азобнинг тизилишини кутишлари бўлди.
18:56. Биз Расул юборсак, фақат хушхабар келтирувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборамиз. Кофир бўлганлар ҳақни ботил орқали йўқотиш учун курашадилар. Улар Менинг оятларимни ва ўзлари огоҳ этилган нарсаларни масхара мавзуси қилиб олдилар.
18:57. Раббининг оятлари эслатилса, юз ўгирган, ва қилган қилмишларини унутиб қўйган кимсадан-да золимроғи борми? Биз уларнинг қалбларига пардалар тортдик, уни англашдан тўсади, ҳамда қулоқларига оғирлик солдик. Уларни Тўғри Йўлга чорласанг, ҳеч қачон Тўғри Йўлга юрмайдилар.
18:58. Раббинг кечиримли, раҳмдил. Агар уларнинг орттирганлари учун дарҳол ушлаганида, уларга азобни тезлатган бўларди. Аммо улар учун ҳали махсус вақт тайинланган, ундан асло паноҳ тополмайдилар.
18:59. Ўша шаҳарларни зулм қилганлари боис ҳалок қилдик. Биз уларга ҳам махсус вақт-соат тайинлаган эдик.
18:60. Мана, Мусо ёш хизматчисига деди: “Икки денгиз қўшилган жойга етмасдан узоқ вақт юраман, аммо тўхтамайман”.
18:61. Икковлари икки денгиз қўшилган жойга етганида, балиқларини қолдирди, балиқ денгизни ёриб сузди-кетди.
18:62. Ўтиб кетишгач, хизматчисига деди: “Нонуштамизни келтир, бу сафаримиз чарчатди бизни”.
18:63. Деди: “Тош панасига қолганимиз эсингдами, ўша ерда балиқни унутиб қолдирибман. Буни эслатишимни фақат Шайтон/турли гумон-андишалар унуттирди, ва у ажойиб тарзда денгизда йўл тутди.
18:64. “Излаганимиз ана шу эди”, деди ва изларига қайтишди.
18:65. ва Биз Ўз тарафимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган қулларимиздан бир қулга дуч келдилар.
18:66. Мусо унга деди: “Мен сенга эргашсам-у, сенга билдирилган Рушддан/ақлий етукликдан/Тўғриликдан менга ўргатсанг”.
18:67. Деди: “Мен билан бирга бўлишга асло сабринг етмайди.
18:68. Сенга қамрай олиш қобилияти берилмаган нарсага қандай ҳам сабр қила олардинг?”
18:69. Деди: “Иншоаллоҳ, сабр қиламан, кўрасан, ҳеч бир буйруқдан/ишдан бўйин товламайман”.
18:70. Деди: “Агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча, мендан ҳеч нима ҳақида савол қилма”.
18:71. Улар бирга йўл олдилар. Бир кемага чиқдилар, у унда бир ёриқ очди. Деди: “Нега тешдинг кемани? Ундагиларни чўктириш учунми? Ҳақиқатан, сен жуда таҳликали иш қилдинг!”
18:72. Деди: “Мен билан бирга бўлишга сабринг етмайди, демаганмидим?”
18:73. Деди: “Унутганим учун таъна қилма, биргина шу ишни деб мени қийнама”.
18:74. Улар яна бирга йўл олдилар. Бир ўғлонга дуч келишди, у уни ўлдирди. Деди: “Ҳеч кимни ўлдирмаган бегуноҳ жонни ўлдирдинг-а? Ҳақиқатан, сен жуда жирканч иш қилдинг!”
18:75. Деди: “Мен билан бирга бўлишга сабринг етмайди, демаганмидим сенга?”
18:76. Деди: “Агар бундан кейин бирор нима ҳақида савол қилсам, мени ҳамроҳ қилма ўзингга. Мендан узр соқит бўлди”.
18:77. Улар яна бирга йўл олдилар. Бир қишлоқ аҳлига етиб бордилар, улардан егулик сўрадилар, улар меҳмон қилишдан бош тортдилар. У ерда қулай деб турган бир деворни топдилар, ва у ўша деворни таъмир этди. Деди: “Истасанг, бунинг учун бирор эваз олардинг”.
18:78. Деди: “Мана шу сен билан орамиздаги ажрашув. Энди сабринг етмаган нарсаларнинг хабарини айтайин сенга:
18:79. Кемага келсак, у денгизда ишлаган камбағалларники эди. Мен уни ноқис бўлишини истадим, чунки нарироқда ҳар бир кемани куч билан тортиб/ғасб қилиб олаётган бир подшоҳ бор эди.
18:80. Ўғлонга келсак, ота-онаси муминлар эди. Биз уларни Туғён ва Куфрга етаклашидан қўрқдик.
18:81. Истадикки, Рабби унинг ўрнига покроқ ва раҳм-шафқатга яқинроғини берсин.
18:82. Девор эса, бу қишлоқдаги икки етим ўғлоннинг эди. Унинг остида уларга тегишли хазина бор эди, оталари ҳам солиҳ киши эди. Раббинг уларнинг куч-қувватга тўлишини ва Ўз тарафидан раҳмат ўлароқ хазиналарини чиқаришларини истади. Мен буни ўз ишим ўлароқ қилмадим. Сенинг сабринг етмаган нарсанинг таъвили мана шу”.
18:83. Сендан Зул-Қарнайн ҳақида сўрайдилар. Сен айт: “Мен сизга унинг ҳақида бир Эслатиш/Зикр ўқиб бераман”.
18:84. Биз унга Ер юзида имкон бердик ва унга барча нарса учун йўл/истаган нарсасига эришиш учун йўл/восита бердик.
18:85. У бир йўлга тушди.
18:86. У Қуёш ботар тарафга етди, уни Қора Балчиқда ботаётган кўрди. Унинг ёнида бир қавмни учратди. Биз дедик: “Эй Зул-Қарнайн, ё уларни азоблайсан ёки яхши муомала қиласан”.
18:87. Деди: “Ким зулм/ноҳақлик қилса, яқинда уни жазолаймиз, сўнг Раббига қайтарилади, уни мисли кўрилмаган Азоб билан азоблайди”.
18:88. Имон келтирган ва солиҳ амал қилганлар учун эса гўзал эваз бор, ва унга Биз Амримиздан/Буйруғимиздан қулайини айтамиз.
18:89. Кейин у яна йўлга тушди.
18:90. Кейинроқ, у Қуёшнинг чиқиш жойига етганида, уни бир қавм устида кўтарилаётган ҳолда топди, унга қарши ўзларига тўсиқ қилмаган эдик.
18:91. Ана шундай бўлди. Биз унинг қанчалик хабардор эканлигини билардик,
18:92. у кейин яна бир йўлга эргашди.
18:93. Икки тоғ орасига етди, у ерда деярли ҳеч бир гапни англамайдиган қавмга дуч келди.
18:94. Улар дедилар: “Эй Зулқарнайн, босқинчилар/талон-тарожчилар бу ерда бузғунчилик ёймоқда. Улар билан ўртамизда тўсиқ қуриб беришинг учун сенга тўлов йиғиб берсак?”
18:95. У деди: “Раббимнинг менга бергани* яхшироқ. Сиз менга қўл кучингиз билан ёрдам беринг, токи мен ўртангизда мустаҳкам тўсиқ қўяйин. (18:84)
18:96. Менга темир парчалари келтиринг!” Икки тоғ ораси тенг савияга келгач, “Дам уринглар!” деди. Уни олов ҳолига келтиргач, “Менга эриган мис келтиринг, устидан тўкаман!” деди.
18:97. Уни энди на ошиб, на тешиб ўта олмасдилар.
18:98. Деди: “Бу Раббимдан бир раҳматдир. Раббимнинг ваъдаси келганда эса, Унинг Ўзи уни ер билан бир қилади. Раббимнинг ваъдаси ҳақ бўлган ваъдадир”.
18:99. У Кунда уларни бир-бирига қоришган ҳолда қолдирдик. Сурга уфланди, ва уларни бир жойга тўпладик.
18:100. У Кунда кофирларга жаҳаннамни очиқ кўрсатамиз.
18:101. Улар Менинг Эслатмамдан кўзлари парда қопланган ва тинглашга тоқатсиз эдилар.
18:102. Кофир бўлганлар Мендан ўзга қулларимни ўзларига валийлар/йўл кўрсатувчилар қилиб олишни ўйлашдими? Биз ундай кофирлар учун жаҳаннамни маскан қилиб қўйганмиз.
18:103. Сен айт: “Сизларга ўз ишларида энг кўп ютқазувчи ким эканини айтайми?
18:104. Улар бу дунё ҳаётидаги югуриб-елишлари самарасиз кетган, аммо ўз ҳунарларини яхшилик деб ҳисоблайдиганлардир.
18:105. Ана ўшалар Раббининг оятларини ва Унга рўбарў бўлишни рад этганлардир, уларнинг ишлари беҳуда кетади. Қиёмат куни уларга ҳатто тарози ҳам ўрнатмаймиз.
18:106. Менинг оятларимнинг ва Расулларимнинг устидан кулганлари учун жазолари ана шу.
18:107. Имон келтирган ва солиҳ амал қилганларнинг эса масканлари – Фирдавс жаннатлари.
18:108. Унда улар доимий қолади. У ерни ҳеч қачон тарк этмоқ истамаслар.
18:109. Сен айт: “Агар Раббимнинг сўзларини ёзиш учун денгиз сиёҳ бўлса-ю, яна битта денгизни ёрдамга келтирсак ҳам, Раббимнинг сўзлари тугамай туриб денгиз тугаб қолади”.
18:110. Сен айт: “Мен сизлар каби башар/оддий одамман. Менга ваҳй қилинмоқдаки, сизларнинг илоҳингиз Ягона Илоҳдир. Ким Раббига рўбарў бўлишни умид қилган бўлса, солиҳ амал қилсин ва Раббига қуллик/хизмат қилишда ҳеч кимни шерик қўшмасин”.
